Колбаса нега арзон?.. ёхуд олтин қўшилган сосискалар
Aзалдан
шундай — сотувчи иложи борича молини қимматроқ ўтказишга, олувчи эса
унинг нархини арзонроқ туширишга ҳаракат қилади. Албатта, ишлаб
чиқарувчи бирон хомашёдан маҳсулот тайёрлар экан, унга қилинган
сарф-харажат, меҳнат ҳақи, яъни таннархдан ташқари ўзининг устама
нархини ҳам қўяди — у ҳам фойда кўриши керак. Аммо қайта ишланган
маҳсулот хомашёдан кўра арзонроқ сотилганини кўрганмисиз?..
КОЛБАСАНИНГ ТАРИХИ 1804
йил. Франкфуртда гўштчиликни ўрганиб, Венага кўчиб ўтган Йоханн Георг
Ланер ўз гўшт растасини очади. Бир йил ўтгач, Ланер харидорларга ўзининг
янги ихтироси – биринчи сосискаларни тақдим этди...
ДИҚҚАТ: "ДАҲШАТЛИ ФАРАЗЛАР” 1970
йил ўрталарида Америкалик нейрофизиолог Жон Олни ўзининг даҳшатли
фарази натижасини оммага тақдим этди: Е кодли озиқ-овқатларга
қўшиладиган таъм кучайтиргич қўшимчалардан энг машҳури – глутамат натрий
Е621 сичқонларда мия зарарланишига сабаб бўлади. Кўп ўтмай, Япониялик
олим Хироши Огуро ҳам бу қўшимчанинг кўз ҳужайраларига салбий таъсир
қилишини исботлади. Ва... бу аминокислота марказий нерв тизимига импулс
узатишда қатнашади, қўзғатувчи кучга эга бўлиб, аслида руҳшуносликда
ишлатилади... 1996 йилда Жаҳон Озиқ-овқат хавфсизлиги саммити озиқ-овқат хавфсизлигини шарт сифатида белгилади.
2005
йил, 22 феврал. Россияда Е216 ва Е217 индексли қўшимчалар аҳолини
заҳарлагани учун таъқиқланди. Ўша пайтдаги экспертларнинг хулосаси
шундай эди: бу каби қўшимчалар турли зарарли ўсимталар ривожланишига
олиб келади. Бундан илгари улар фақат гўшт ва гўшт маҳсулотларида
қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз: Қадоқланган маҳсулотларнинг
айримларида, шунингдек, колбаса маҳсулотларида ҳам унинг таркибини
билдирувчи турли рақамларни учратасиз. Е кодли бу рақамлар
озиқ-овқатлардаги қўшимча таъм кучайтиргич моддаларни билдиради. Е
қўшимчаси — маҳсулотнинг асосини ташкил қилмайди балки ишлаб
чиқарувчининг харажатларини камайтириш мақсадида маҳсулот таркибидаги
табиий маҳсулотлар ўрнини қоплаш, яроқлилик муддатини узайтириш ва
одатдагидан кўра мазалироқ қилиш учун ишлатиладиган кимёвий моддалар.
ҚАЧОНДАН ИШЛАБ ЧИҚАРИЛГАН?
Ўзбекистонда колбаса маҳсулотлари ишлаб чиқариш асосан 1970 йилларнинг
ўрталарига келиб авж олди. 1996 йилларга қадар колбаса маҳсулотлари
фақат мол, қўй ва чўчқа гўштидан ишлаб чиқарилган, кейинроқ янги
технологияларнинг кириб келиши натижасида товуқ гўшти ва унинг терисини
ишлаб чиқаришда фойдаланиш урф бўлди. Бу колбаса маҳсулотлари таннархини
камайтиришга эришиш ва даромадни кўпроқ олишга хизмат қилади.
АРЗОНИГА УЧМАНГ
Маълумки, ҳар бир маҳсулотга давлат томонидан тегишли стандарт ишлаб
чиқилган. Мазкур меъёрларга жавоб бермайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари
истеъмолга яроқсиз, аниқроғи, инсон саломатлигига жиддий хавф туғдиради.
Давлат техник шартлари (ТУ) га асосан дудланган ва ярим дудланган
(копченая, полукопченая) колбаса маҳсулотларининг тайёр ҳолда чиқиши
77-82 фоизни, яъни 100 кг хом ашёдан тайёр бўладиган маҳсулот 77-82 кг,
пиширилган (варёная) колбаса маҳсулотларининг тайёр ҳолда чиқиши 105-110
кгни ташкил этади.
Ҳозирги кунда, тўлиқ техник шартларга амал
қилган ҳолда ишлаб чиқарилган ярим дудланган (полукопченая) колбаса
маҳсулотининг 1 кг нархи 14 минг сўмдан кам бўлмайди. Шунингдек, пиширилган (вареная) колбасалари 12 минг сўмдан кам ҳолда тайёр булмайди. Яна бунга дўкондаги устамалар қўшилади.
100 кг колбаса маҳсулотлари учун турига қараб 25-50 кг гўшт қўшилади.
Демак, соғлигини ўйлайдиган одам 1 кг нархи 15 минг сўмдан кам бўлган
колбаса маҳсулотларини олиб ейиши маъқул эмас.
ХАРИДОРНИ АЛДАБ БЎЛМАЙДИ Азиза Маматова, харидор (Тошкент)
Ҳозирги синчков, ўқимишли истеъмолчини осонгина алдаш қийин. У сифатсиз
маҳсулотни бир марта олиши мумкин. Иккинчи сафар ўша ишлаб
чиқарувчининг номи битилган қадоқни кўрганда тескари бурилиб кетади.
УНУТМАНГ! ДЎКОНДА ҲАМ АЙНИШИ МУМКИН
Ўзбекистон Республикасининг "Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва
хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонунига асосан, республикамизда ишлаб
чиқарилиб, савдога қўйилаётган қадоқланган ва ўрамли озиқ-овқат
маҳсулотлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ёрлиқланган бўлиши шарт.
Ишлаб чиқарилаётган колбаса маҳсулотлари ҳажмига ва турига қараб, савдо
тармоқларида 0°С дан 6°С гача ҳароратда ва ҳавонинг нисбий намлиги
70-80 фоиз бўлган шароитда сақланиши лозим. Қайнатилган колбаса
маҳсулотларининг яроқлилик муддати олий нав учун 72 соат, биринчи ва
иккинчи нав учун 48 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Полиамид (плёнка)
қобиғидаги сосиска ва сарделкаларнинг яроқлилик муддати 10 кундан
ошмаслиги керак.
СИФАТИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ Колбаса маҳсулоти
гўштга қараганда кўп муддат айнимай туриши унинг технологик ишлаб
чиқариш услуби ва таркибидаги масаллиқларнинг олий навлиги, устидаги
салафаннинг (оболочка) сифатига ҳам боғлик. Яна колбаса тайёр бўлишидан
то харидорнинг харидига қадар музлаткичларда сақланади. Шу ўринда айтиб
ўтиш керакки, уни сотиб олаётганда биринчи ўринда, дўконларда қандай
сақланаётганига ҳам эътибор бериш керак.
Маслаҳат: Колбаса
маҳсулотлари ичида хом-дудланган (сырокопчёный) турларини танланг. Чунки
бошқа тур колбасаларнинг (масалан, пиширилган) таркибидаги гўштни
крахмал ёки бошқа компонентлар билан тўлдириш осон. Дудланган колбаса кесилганда бир текисда кесилади, ичидаги ёғ-шпиклар колбаса ичида бир текисда тақсимланган бўлиши керак.
ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР
*** Моғор босган пишлоқ билан ҳозирда ҳеч кимни ҳайратга солиб
бўлмайди. Моғор босган колбаса ҳам бор. Италияда бундай маҳсулотни
salame (итаяльянча) деб аташади. Бундай колбаса ертўлаларда ва ҳар доим
совуқ жойларда тайёр бўлади. Бир ойча вақт ўтгач колбасани оч яшил
рангдаги моғор босади, уч ой ўтгач эса ушбу моғор кулранг ва жудаям
қалин моғорга айланади, бу дегани, колбаса тайёр ва уни тановвул қилса
бўлади.
*** Бавария шимолида мовий рангли сосиска (Blaue Zipfel)
машҳур. Аслида ушбу сосискалар мовийранг эмас, уларни узоқ вақт уксусда
қайнатганлари сабабли шундай кўринишга келган. Бундай сосискалар ўзига
хос нордон таъмга эга (уксус туфайли албатта). *** Дюссельдорфда
олтин колбасаларни татиб кўриш мумкин. Бу 585 пробали тоза олтин қатлами
билан қопланган оддий сосискалардир. Гап шундаки, ушбу ресторан
хўжайини олтин моддасини ҳазм қилиш ва соғлиқ учун фойдали деб
ҳисоблайди. *** Портловчи моддаларни текширувчи махсус аппаратура
Германиядан келаётган авиатуристлар юкларида кўпинча адашади. Чунки
қизил рангдаги колбасада натрий нитрити мавжуд бўлиб, бу модда кўпгина
портловчи воситаларнинг асосий компоненти ҳисобланади. Шу сабабли
немислар бу лаззатли таомни террористик акт сифатида кўришади.
ХУЛОСА ЎРНИДА
Аввало, ҳар ким ҳалол луқма илинжида яшар экан, рўзғор учун маҳсулот
харид қилаётганда албатта биринчи навбатда, унинг арзонлигига эмас,
сифатига эътибор берса, мақсадга мувофиқдир. Тўғри, инсофни ҳар кимнинг
ўзига бермаса қийин. Ахир шу маҳсулотларни ишлаб чиқариб, бунинг ортидан
оиласини боқаётганлар ҳам бор-ку. Бироқ "меъёр” аталмиш "чиройли
сўз”дан чекинмаганларни сира камситмаган ҳолда айтмоқчимизки, бугун
пешона тери эвазига топилган маблағимизга уйда бизни кутиб турган
"кўзқора”лар учун арзон бўлса-да, қиммат бўлса-да, фақат сифатли
маҳсулотларни илингимиз келади. Буни сизга таъкидлашнинг ҳожати йўқ,
албатта. Сарвар Сафаров тайёрлади.
|