 OMONAT DUNYO (mistik hikoya)
Кейинги пайтларда Козим Султоновичнинг дили хуфтон эди. Беш-ўн
кун бўлди, қишлоқдан опаси қўнғироқ қилиб, ўғли салкам бир ойдан бери
шаҳар касалхонасида ётгани, икки марта операция бўлиб бир ўлимдан
қолгани, Козим эса тоға бўлатуриб, бирон марта жиянидан хабар олмаганини
таъна қилиб, тоза қонини ичди. "Одамлар ҳам қизиқ, – кўнглидан кечди
Козим Султоновичнинг. – Бекорчи бўлсам экан, ғир этиб у ёққа, ғирр этиб
бу ёққа бориб келсам, Ҳеч ким тушунмайди. Уйдаги гап кўчага, кўчадаги
гап уйга тўғри келмайди. Ҳозир бир-бировга ёниб-куядиган замонми?!” Умуман
олганда-ку, Козим Султонович жиянининг ошқозон яраси билан кўп
йиллардан бери хасталаниб юришини билар, шаҳар касалхонасига
ётқизилганидан ҳам хабари бор эди. Аммо боролмади. Хабар ололмади.
Саҳарлаб ишга отланади, алламаҳалда уйга қайтади. Дам олиш кунлари ҳам
қарийб ишхонада ўтади. Бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Гўё у бекорчи! Кун
бўйи лақиллаб юради. Катта бир корхонанинг раҳбари бўлса! Бу юмшоқ
креслода ястаниб, фақат буйруқ бериб ўтириш дегани эмас-ку! Раҳбарнинг
бошқа иши йўқ, деб ўйлашадими? Бу "юмшоқ кресло”га ўтиришни, бу
мансабга минишнинг ўзи бўлмади-ку ахир! Идоранинг собиқ раҳбари, собиқ
институтдоши Қурбонов билан узоқ курашди. Икковлари сиртдан яхши
муносабатда ишлашаётгандек кўринсалар-да, аслида бир-бирларини ёмон
кўрардилар. Козим Султоновичнинг уни кўрарга кўзи йўқ эди. Ахийри уни
енгди. Инфарктга дучор қилди. Йўлидан олиб ташлади ва ўзи амал курсисига
ўтирди. Мана энди алоҳида кабинет, кресло, тагида хизмат машинаси... Бир куни ана шу хизмат машинаси билан боғлиқ ғалати воқеа юз берди-ю, хотини билан айтишиб қолишди. Эрталаб
ишга отланиб турса, хизмат машинаси ҳадеганда келавермади. Козим
Султонович безовталаниб қолди. Ниҳоят ҳайдовчиси қўнғироқ қилиб, машина
йўлда бузилиб қолгани ва ярим йўлда орқага, паркка қайтишга мажбур
бўлганини айтди. Козим Султонович буни эшитиб тутақиб кетди. "Дарров
бошқа машина юборинглар! Мажлисим бор”, – деб сўкинди. Ана шу ерда хотини беихтиёр аралашди. "Бирон такси тўхтатиб, автобусда ё метрода ишхонангизга борсангиз бўлади-ку”, – деганди, балога қолди. "Мен-а?
– деди Козим Султонович кўзларини ола-кула қилиб. – Мен... фалон
корхонанинг бошлиғи автобусда юраманми? Метрога тушаманми? Ҳечам-да! Мен
одамлар орасида юролмайман. Уяламан. Асабим бузилади. Қоним қайнайди.
Билмаган нарсангга суқилма!..” Шу-шу, хотини бўлар-бўлмасга унинг
ишларига суқилмайдиган бўлди-ю, аммо яна бир ҳодиса уларнинг
муносабатларини чигаллаштириб қўйди. Аслида-ку, анча бўлди, Козим
Султонович қўни-қўшни, маҳалла-кўйга аралашмайди. Аввалига маҳалладаги
тенгқурлари чойхонадаги ошхўрликларга, ойда бир бўладиган "гап”ларга
таклиф қилиб юришди, аммо унинг ўзи бунга рўйхуш бермади. Ҳар хил
баҳоналар топиб, бормасликка ҳаракат қилди. Сездириб-сездирмай,
бора-бора кимнинг тўйи, кимнинг маъракаси бўлаётганини аниқлаб, танлаб
борадиган бўлди. Битта-яримта ўқитувчи ё оддий ишчининг йиғинига
ўлақолса кирмайди. "Нима, мен борганим билан ўлган отаси ё онаси тирилиб
келадими?” – деган фикрларга боради. Орасида бирон юқорироқ лавозимда
ўтирган, нозикроқ идорада ишлайдиган, вақти келиб ўзининг "иши тушиб
қоладиган” одамларникини эса қолдирмайди. Бир куни хотини шу ҳақда
гапириб, "Одамларни "сорт”га ажратиш яхши эмас. Ҳамма одам бир одам”, –
дегандек гап қилганди, яна балога қолди. Козим Султонович уни қаттиқ
койиб ташлади. "Бу дунёда яшашни билганларгина яшайди. Қолганлар
қақшаб ўтиб кетаверади, – деди қовоғини уйиб. – Билмаган нарсаларингга
аралашма деганман сенга. Истайсанми-йўқми, одамларнинг ҳам "сорти”
бўлади. Улар ҳар хил тоифаларга бўлинади. Биров "олий сорт”, биров
"биринчи сорт”, бошқа биров "ўнинчи сорт” – бир пулга арзимайдиган одам.
Кунгабоқар ҳам кун чиққан тарафга қарайди. Одамлар ҳам шунақа!..” Қисқаси,
Козим Султоновичнинг ўзи ҳам сезмаган ҳолда дунёқараши, ҳаётга
муносабатларида ўзгаришлар сезилиб борар, аммо унинг ўзи бунга парво
қилмас, худди шундай бўлиши керакдек туйиларди унга. "Бировдан олдин,
бировдан кейин”, – деган гапни ёқтирмайди. Ҳамиша олдинда бўлиш керак”,
– деган ишонч билан яшайди. "Бор борича, йўқ ҳолича”, – деган гапга
қўшилмайди. «Ҳамиша бор бўлиши керак. Йўқ бўлса, марҳамат, йўлдан четга
чиқсин”, – деган фикрга аллақачон келган, пул, мартаба, обрў бу йўлдаги
барча тўсиқларни қўпориб ташлашига ишонади. Ўзининг ҳаёти,
туриш-турмушидан кўнгли тўқ. Бошқалар билан ўзи ўртасида кўзга кўринмас
бир жарлик пайдо бўлаётганини ички бир туйғу билан ҳис қилса-да, тан
олмайди. Яшаш учун кураш деб ҳисоблайди буни. Теварак-атрофидаги
воқеа-ҳодисаларга, одамларга эътибор бермасликка ҳаракат қилади. Тўғри
йўл танлаган экан. Кўп нарсаларга эришди. Уй-жойи, оиласи рисоладагидек.
Аммо... кейинги йилларда ўзи билан ўзи овора бўлиб кетгани рост.
Қариндош-уруғ, ошна-оғайниларидан узоқлашиб қолди. Ҳали бош-кети йўқ
мажлислардан, ҳали хизмат сафарларидан ортмайди. Бош қашишга қўли
тегмайди. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариладиган корхонасининг минг
битта ташвиши бор. Бу ёқда бунақа кўнгилсизликлар чиқиб туради... Бир
неча йил олдин дилни хира қиладиган яна бир воқеа юз берди. Рўзивой
деган ҳамқишлоқ дўсти қизини шаҳарга, институтга олиб келган экан. Ёрдам
беришини сўради. Козим Султонович "хўп” деди-ю, ўйлаб қолди. Институт
ректорини яхши танирди. Бир оғиз гапи. Аммо кейин у ҳам бу
"яхшилиги”нинг эвазига бирон нарсани илтимос қилади. Шуниси чатоқ.
Одамлар бирон манфаати тегмаса, бирон ишга қўл урмайдиган бўлиб
кетишган. Шу сабаб Рўзивойдан узр сўради. "Менинг мансабим бунақа
ишларга аралашишга йўл қўймайди”, – деди. Оғайниси ранжиди, албатта.
Козим Султонович кейин эшитса, қизи қай бир йўл билан "контракт”га
ўқишга кирибди. Ўша-ўша, рўпара келишса, Рўзивой унга тескари қараб
ўтадиган бўлди. Бу орада отасининг мазаси қочгани ҳақидаги нохуш
хабар етиб келди. Козим Султонович ўша кезлари ёнига эски жазманларидан
бирини олиб, Болгарияда, "Олтин қум” курортида дам олаётган эди. Уйга
қайтиб келса бўларди. Аммо шунча сарф-харажат қилиб дам олишга келган
денгиз соҳилларини ташлаб кетгиси келмади. Кейин отасининг вафоти ҳақида
телеграмма олди. Турган гап, жанозага қатнашолмади. Орадан бир ҳафта
ўтгач, қишлоққа борганида қариндош-уруғларига, ёр-биродарларига "Чет
элда командировкада эдим”, – деб қўяқолди. Мана энди, опасининг ўша
кунги гаплари асабини қақшатиб юборди ва шундан кейин бирров бўлса ҳам
касалхонага, жиянининг олдига бориб келишга қарор қилди. Тушдан кейин
хизмат машинасига ўтириб бозорга борди, ул-бул тансиқ нарсалар харид
қилди, ҳайдовчиси билан касалхона тарафга йўл олди. Бахтга қарши, жияни
уч кун бурун чиққан, опаси билан поччаси қишлоққа олиб кетишган экан.
Бир оғиз "келдигу, кетдик” дейишни ҳам лозим топишмабди. Худди у
бегонадек... Худди у йўқдек... Худди у ўлгандек... Козим Султонович
ҳафсаласи пир бўлиб, касалхонанинг узун йўлагидан ўтиб келаркан,
беихтиёр тўхтаб қолди. Бу кўҳна бино, ана шу жарроҳлик бўлими, ана шу
хоналар, оппоқ пардалар тутилган катта-катта деразалар, йўлакдаги
тувакларда ўсган хилма-хил гуллар, ҳаммаси кўзига жуда таниш кўринди.
Эшик тарафга юраркан, яна елкаси оша орқага қаради ва бир вақтлар, кўп
йиллар илгари ана шу ерда, ана шу йўлакнинг адоғидаги 12-палатада ётган
пайтларини эслади. Эслади-ю, ғалати бўлиб кетди... Ўшанда у эндигина интитутга кирган, кўричаги хуруж қилиб шу ерга ётқизилган ва зудлик билан операция қилинган кунлари эди. Қанчалар
осуда, қанчалар беташвиш кунлар экан. Китобларда ёзилганидек, дилда
ғубор йўқ, «тахи бузилмаган орзу-умидлар» мўл-кўл. Хўп қизиқ замонлар
экан... Козим Султонович ўшанда кечагина қишлоқдан келган, соддагина,
тортинчоқ йигитча эди. Ўзи ярим ҳазил, ярим чин қилиб айтмоқчи, "тош
шаҳар”нинг ўзи уни "тош”га айлантирди. Ана шу сершовқин ва бешафқат
шаҳар уни пишитди. Охир-оқибат йиқилса, ерни тишлаб қоладиган уддабуро,
корчалон одамга айланди. Бу йўлда кўп нарсалардан воз кечишга тўғри
келди. Алданди, алдади, уни сотдилар, ўрни келганда ўзи ҳам бошқаларни
сотди, кўплар ундан юз бурдилар, ўзи ҳам кўплардан юз ўгирди... Умуман,
одам боласи ҳаётда нимагадир эришиш учун, нималарнидир баҳридан ўтмоғи
керак экан. Бўлмаса, оёқ ости бўлиб кетиши, турмушнинг майда-чуйда
ташвишларига ўралашиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Козим Султонович айнан
шу йўлни танлади. Мансабга, мартабага эришиш, пул-бойлик, уй-жой,
ҳурматга эътиборга эга бўлиш учун ҳеч нарсадан қайтмади. Ниҳоят, ҳамма
ўйлаган нарсаларига эришди. Мансаб, данғиллама "евроуй”, соясига салом
берадиган хизматчилар, бир-биридан кетворган жазманлар, тоногтар
маишатлар, чойхона паловлар, ресторанларда, сауналарда пинҳона
зиёфатлар... Козим Султонович шуларни кўнглидан ўтказаркан, шу пайт
хаёлига келган ғалати фикрдан ўзи ҳам шошиб қолди ва ўзи ҳам сезмаган
ҳолда, йўлакдан келаётган оқ халатли ёшгина ҳамшира қизни тўхтатди. Қиз
салом бериб, қаршисидаги серсавлат, пўрим эркакка савол назари билан
қаради. – Синглим, – деди Козим Султонович ўзи қилаётган ҳазилдан ўзи
ич-ичидан кулиб. – Ана шу йўлак адоғидаги 12-палатада Султонов Козим
деган йигит ётган эди. Чақириб беролмайсизми? Ҳамшира "ҳозир” деди-ю, пилдираб ўша тарафга кетди. "Ана холос, пишди гилос! – ўйлади Козим Султонович. – Ҳозир ичкаридан ўнг биқинини ушлаб мулла Козимбой чиқиб келармидилар?” У ана шу ғайритабиий манзарани кўз олдига келтирди-ю, ўзини кулиб юборишдан аранг тийиб қолди. "Хўп,
ажойиб иш бўлди-ку, – яна ўйлади у. – Ўзингни ўзинг касалхонадан
сўрасанг ва ҳамшира "ҳозир” деб чақиргани ичкарига кириб кетса! Нақ
фантастиканинг ўзи! Бунақа ҳодиса киноларда ҳам бўлмайди. Қани,
кўрайлик-чи, бу ёғи қандай тугаркан…” У қўлидаги елимхалтани
қўлтиқлаганча яна йўлак тарафга қаради. Ниҳоят ҳамшира қиз кўринди. Энди
у боягидек чаққон ҳаракат қилмас, худди бўйнидан арқон ташлангандек
аранг оёқ судраб келаётганга ўхшарди. Козим Султонович қизнинг бўздек
оқарган юзига, қўрқувдан катта-катта очилиб кетган кўзларига, титраб
турган лаблари ва қўлларига қараб ҳайрон бўлиб қолди. – Тинчликми? – деди кўнгли ниманидир сезгандек хавотирланиб. – Амаки... – деди ҳамшира қиз товуши қалтираб. – Сиз... сиз сўраган бемор. Козим Султонов вафот этган экан... Козим Султонович бу гапни эшитди-ю, ер билан осмон ўртасида муаллақ осилиб қолгандек бўлди. – Нима деяпсиз ўзи?.. Қачон? – сўради у қулоқларига ишонмай. – Кеча... – деди ҳамшира қиз ва нозик бармоқлари билан юзини тўсганча югуриб кетди. Козим Султонович ҳайкалдек қотди-қўйди. Ҳанг-манг, бир кулгиси келади, бир юраги орқага тортиб кетади. "Нималар
деб валдираяпти ўзи бу қиз? – деди ўз-ўзига. – Ахир мен Козим Султонов
қаршисида турибман-ку!.. Тўғри, бир вақтлар шу ерда ётганман,
даволанганман... "Ўлди” дейди. "Кеча” дейди. Эси борми ўзи? Мен шунчаки
ҳазиллашиб сўрадим-ку?..” Козим Султонович бош-кети йўқ, ҳам кулгили,
ҳам қўрқинчли хаёлларга ғарқ бўлиб ташқарига чиқди. Негадир оёқларини
оғир судраб босар, юраги кўксидан отилиб чиққудек гурсиллаб урмоқда эди.
Аранг хизмат машинасининг орқа эшигини очиб ўтирди-ю, негадир беҳол
сезди ўзини. Бўлиб ўтган бу ғалати, ақл бовар қилмас ҳодисадан
гангиб-каловланиб қолди. – Қаёққа ҳайдай? – сўради ҳайдовчи йигит. – Уйга... – деди Козим Султонович ҳирқироқ товушда. Оппоқ "Опел” оққушдек учиб кетди. Халқ
орасида "Дворянлар уяси” деб аталадиган ҳашаматли иморатларга тўла,
таниш маҳаллага етиб келишгунча икковлариям жимгина кетишди. Фақат
Козим Султоновичнинг уч қаватли "евроуйи”га яқинлашганда, дарвозанинг
табақалари ланг очиқлиги, уй олдида одамларнинг уймалашаётгани,
нарироқда, бетон ариқ ёнида тобут мунғайиб турганини кўриб, ҳайдовчи
йигит ҳайрон бўлди, кўзларини катта-катта очиб қайта-қайта қаради ва
кейин елкаси оша Козим Султоновичга ўгирилди: – Тинчликми, хўжайин? Козим Султонович индамади. У орқа ўриндиқда ёнбошлаб ётар, аллақачон ўлиб бўлганди... Ҳашаматли иморат олдида эса ола-қуроқ издиҳом гавжум, жанозага тайёргарлик кўрмоқда эдилар...
|