Boyvachchani qizimisanki... [Hikoya]
—
Қизим, қандай муаммо билан келдингиз? Оилангиз тинчми? Қаердан
келдингиз? Исмингиз нима?— отахоннинг ўзи аёлни гапга солишга уринди.
— Исмим Назира. Манзилимни тўлиқ айтмасам ҳам бўладими? Таниш-билишлар ўқиб қолса... — деди аёл наҳоят суҳбатга киришиб.
—
Бемалол. Ихтиёр ўзингизда. Биз учун сизнинг кимлигингиз эмас, қандай
муаммо қийнаётгани муҳим. Агар заррача бўлса-да, ёрдамимиз тегса,
мақсадимизга эришган бўламиз. Бирортаси сизга озор бердими? Ёки бошқа
масалада келдингизми?
— Эрим... — аёлнинг кўзларига ёш тўлди. —
Турмушга чиққанимга тўрт йил бўлди. Битта қизимиз бор. Ўзим бозорда
савдо қиламан. Кийим-кечак сотаман. Эрим эса бир идорада ишлайди. Ҳар
икки куннинг бирида уйимизда жанжал. Сал баҳона билан менга қўл
кўтаради. Баъзан ўз уйимдан қувиб чиқаради ҳам.
— Жанжалга нима сабаб бўлади?
—
Очиғини айтсам, у кишига кўп марта "Ишингиздан бўшанг, менинг ёнимда
ишланг”, дедим. Қулоқ солмади. Бизнинг ҳам ўз уйимиз, ўз рўзғоримиз
бўлишини истайман.
— Ҳозиргина "Ўз уйимдан қувиб чиқаради", дедингиз. Энди "Ўз уйимиз бўлишини истайман", деяпсиз...
—
Уй аслида акамники. Акам тижоратчи. Бир нечта дўконлари бор. Ўтган йили
қайнимни уйлантирганимиздан кейин рўзғоримизни алоҳида қилишга мажбур
бўлдик. Ижарада қийналманглар, деб акам ўғли учун атаб олган уйини бизга
бериб, "Уй олгунларингча бемалол яшайверинглар", деди. "Эр-хотин — қўш
хўкиз, сен ҳам уйда бекор ўтирма, қизингни боғчага бериб, савдо қил",
дея менга бир дўконини ижарага берди. Акам бизнинг тезроқ уйли-жойли
бўлиб, ўзимизни тутиб олишимиз учун жон куйдиради. Дўконнинг ижара
ҳақини ҳам бошқаларга нисбатан арзонроқ қилиб қўйган. Баъзан акам пулини
сўрамайди, олмайди ҳам. Мен бундан фойдаланиб қолишни истайман.
Биласиз, савдода барака кўп. Икки кишилашиб ишласак, тезроқ ўзимизни
ўнглаб олармидик, дейман. Турмуш ўртоғимга эса бу ёқмайди.
— Сиз
эрингизни тушунишга ҳаракат қилинг. Чунки биронта ҳам эркак хотинининг
қариндошларига муте бўлишни истамайди. Эркак кишида ғурур кучли бўлади.
Ёнингизда туришга, бирга ишлашга ғурури йўл қўймаётган бўлиши мумкин.
Унга акангизнинг уйида яшаб турганингизнинг ўзи ҳам таъсир қилади...
—
Қани эди шундай бўлса? Мағрур, ҳамма нарсадан ғурурини устун қўядиган
бўлганида, тезроқ ўз уйи ва ўз маблағи бўлиши учун ҳаракат қилмасмиди?
Тезроқ пул топай, бировнинг уйидан ҳам, ижара дўконидан ҳам соқит бўлай
демасмиди? Афсуски, турмуш ўртоғим сиз айтган эркакларнинг буткул
тескариси. Мен "Тезроқ уй олиш учун маблағ тўплайлик, сиз ҳам менга
ёрдамлашинг. Бир ўзим ҳам уйга, ҳам бозорга қарайман деб қийналиб
кетдим. Менга раҳмингиз келмайдими?", десам, нима дейди денг? "Нега
бунча менга буйруқ берасан? Сен бир бойнинг қизимисанки, кўнглингга
қарасам... Ўзини бойвачча деб юрган аканг ҳам битта уйни шундоқ
бермади-ку! Дўконни ҳам уялмай ижарага бериб ўтирибди..." дейди. Мен
тушунтиришга уринаман: "Акам ҳам сизнинг ғурурингизга тегмасин, дейди.
Куёвим уялмасин, дейди..." Лекин бу гапларни эрим тушунмайди.
Ишхонасидан бор-йўғи икки юз эллик минг сўм маош олади. Бу пул ўзидан
ортмайди. Тушлиги, кийим-кечаги, ошна-оғайничилиги дегандай... Ҳар икки
куннинг бирида "Ош бор", деб чиқиб кетади. Ярим кечаси ичган, маст-аласт
ҳолда кириб келади. Албатта, бундан менинг жаҳлим чиқади. Ўзимни тута
олмаганимдан эртаси куни гапираман:
— Дадаси, бунақада биримиз
икки бўлмайди. Сиз менинг топганимни ҳам кўчага совуряпсиз. Бунақада
қачон уй-жойимиз, бола-чақамиз бўлади? Бошқа фарзанд кўрмаймизми?
Бозорда умримни ўтказмайман-ку! Тезроқ ўзимизни тиклаб олсак, яна
болаларимиз бўларди. Мен уларнинг тарбияси билан банд бўлардим. Ҳадемай
қизимиз ҳам катта бўлади. Мактабга берамиз, ўқитамиз...
— Худди
менга бир сўм ўтказиб қуйгандек тилинг бир қарич сенинг! Одамлар
куёвларини яхши жойларга ишга жойлайди, машина совға қилади. Сенинг
уйдагиларинг тошдан қаттиқ. Биттаю битта қизлари учун ҳам дўконни
ижарага беришган! Яна гапларинг ортиқча! Бўлди, тилингни суғуриб
олмасимдан ишингни қил!
Биласиз, жаҳл келганда ақл кетади. Мен
бу гаплардан баттар тутақаман. Кейин у киши мени калтаклашга тушади.
Охирги пайтларда йиғидан қизарган кўзларимдан уялиб, бозорга ҳам ҳар
куни чиқа олмаяпман. Акам эса бунинг сабабини суриштиради. У кишига
эримни ёмонлай олмайман. Охирги уч ой ичида савдога кўп чиқмаганим учун
фақат дўконнинг ижара ҳақини бера оляпман, холос. Табиийки, қийналиб
қолдик. Қилган фойдам ҳам қизимнинг боғча пули ва ейиш-ичишга кетди.
Эримнинг топгани ўзидан ортмади. Эрим эса аввалгидек "ош" ва "гап"ларига
бора олмаганидан аламини мендан олади:
— Сен мендан пул
яширадиган бўлдингми? Қани, савдодан тушган шунча пул? Ёки бошқа бировга
"ошириб" юборяпсанми? Мен битта "гап"га пул топа олмай ўртоқларим
олдида уятга қолдим.
Шу билан яна жанжал бошланади. Мен калтак
ейман. Тоқатим тоқ бўлди. Ҳам меҳнат, ҳам туҳмат етмагандек, яна
калтакка ҳам қолиб кетяпман.
— Қайнота-қайнонангиз билан маслаҳатлашиб кўрмадингизми? Балки, ота-онасининг насиҳатига қулоқ тутар...
—
Айтдим. Қайнотам "Ўзим гаплашиб қўяман”, деди. Лекин қайнонам ўғлининг
ёнини олиб, у кишининг ҳам гапиришига йўл қўймаяпти. Нима эмиш, "Аёл
киши ҳамма нарсага чидаши, сабр қилиши лозим” экан. "Ўғлим обрўли жойда
ишлайди, шунга шукр қилмайсизми?" дейди. Шундан кейин қайнотам ҳам
индамайди.
— Назаримда, рўзғорингизни алоҳида қилган чоғингизда
акангиз кўмак бериб янглишган. Шу сабаб эрингиз ҳали мустақил яшаш, оила
боқиш ва унинг масъулиятини ҳис қилмайди. Чунки аввалига ота-онасининг
қарамоғида бўлган. Тўғрими?
— Ҳа, қайнотамлар билан бирга
турганимизда у кишининг маоши билан ҳеч кимнинг иши бўлмасди. Қайнотам
новвой бўлгани учун умуман рўзғоримизда қийинчилик йўқ эди. Ўғилларининг
ўқиб, бирор идорада фаолият юритиши, ўзлари ўқимаган ота-онага қувонч
берган. Шунинг учун улар ўғилларининг топиш-тутиши билан қизиқишмаган.
—
Демак, турмуш ўртоғингиз ҳаётнинг қийинчилигу, оила ташвишини ҳали
тотиб кўрмаган. Енгил ҳаёт уни янада ялқов ва текинхўр қилиб қўйган.
Бундай инсонлар пешанаси деворга тегмагунча, кўзи очилмагунча ўзидан
билиб ҳаракат қилмайди. Рўзғорнинг юки сизнинг бўйнингизда экан, унинг
кўзи очилиши ҳам амри маҳол.
Оила — муқаддас қўрғон. Уни
асраб-авайлашга эр-хотин бирдек масъул. Агар сиз ҳам бефарқ бўлсангиз,
оилангиз жар ёқасига бориб қолади. Шунинг учун сиз тадбирли бўлинг.
Билсангиз, илгари ҳам онахонлар, момолар ёш оила тинч яшаб кетиши учун
турли ҳийлалар, айёрликлар ҳам қилишган. Балки, шу сабабли аввал
ажралишлар кам бўлгандир? Келинг, сиз ҳам ўша момоларимиз каби йўл
тутинг. Эрингизга ҳаётий сабоқ беринг. Яъни, вақтинча бозорга умуман
чиқманг. Чиқим бўлмаслиги учун қизингизни ҳам боғчага бермай турганингиз
маъқул. "Жанжалларимиз пул туфайли бўляпти, тинч яшашимиз учун бозорга
чиқмайман. Сизни ҳам роса ҳуноб қилдим. Энди уйда ўтираман, сиз бор,
нима ғамим бор? Ахир қизингиз иккаламизни бемалол боқа оласиз-ку!", дея
эрингизга ён босган бўлиб, уни ғурурлантириб ҳам қўйинг. Бир ой ичида у
сизнинг ва акангизнинг хизматларини сезади. Иккинчи ойда эса қадрига
етса ажаб эмас. Оила тебратиш катта масъулият эканлигини ҳис қилгач эса
албатта "бир ёқадан бош чиқариш"га ҳаракат қилади. Шундан кейин яна
"эр-хотин — қўш хўкиз" бўлиб, "арава"ни бирга тортишда давом
этаверасизлар. Омадингизни берсин, омон бўлинг!
|